“Газпромбанк” “Ўзтрансгаз” компаниясига 300 млн доллар миқдорида кредит ажратади

Фото с сайта UzReport

“Газпромбанк” (Россия) «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятига 300 млн доллар миқдорида кредит ажратадиган бўлди. Маблағ 545 км газ қувурларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ишларига сарфланади. Бу ҳақда Россия банкининг матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади “Фергана” нашри.

Газпромбанк ва Россия экспорт суғурта агентлиги (ЭКСАР) ўртасида имзоланган келишув Ўзбекистондаги магистрал газтранспорт тизимини модернизация қилиш, унинг қувватини оширишга хизмат қилади. «Айниқса бу куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиётни мунтазам газ билан таъминлашда муҳимдир», — дейди «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси Беҳзод Норматов.

Газпромбанк беш йилдан бери Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириб келади. 2017 йил 2 ноябрда РФ Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Тошкентга расмий ташрифи чоғида Газпромбанкнинг Ўзбекистондаги шериклари билан ҳамкорлик борасида қатор шартномалар имзоланганди. Жумладан, томонлар структурали молиялаштириш бўйича россия-ўзбек марказини ташкил этиш, Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани базасида сунъий ёнилғи ишлаб чиқариш, Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш комплексини барпо этиш бўйича келишиб олгандилар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.