Гендер тенглиги, коррупцияга қарши курашиш ва аспорт менежменти: Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида қандай чоралар кўрилади

Источник: olympic.uz

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, спортчиларнинг 2024 йилда Париж шаҳрида (Франция) ўтказиладиган XXXIII ёзги Олимпиада ўйинлари ва XVII Паралимпия ўйинларида  қатнашиш бўйича мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Спорт менежменти

Ҳужжат билан спорт менежментини (бошқарувини) тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда уч ой муддатда катта тўртлик (“big four”) аудиторлик ташкилотларидан бири жалб қилинади.  Жалб қилинган аудиторлик ташкилоти билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув тизимининг ҳар бир бўғинини аудитдан ўтказиш чоралари кўрилади.

Аудиторлик ташкилотини жалб қилиш ва аудитдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон спорт делегациясининг 2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши харажатлари сметаси доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

2022 йил 1 июлга қадар жисмоний тарбия ва спорт, спорт федерация (ассоциация)ларининг бошқарувини такомиллаштириш, шу жумладан, уларда ўзини ўзи молиялаштириш тизимини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси киритилади.

Туризм ва спорт вазири, Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси икки ой муддатда спорт федерация (ассоциация)лари раҳбарлари вакант лавозимларини тўлдириш, шунингдек, паст натижаларни кўрсатган, ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланмаган ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўйган федерация (ассоциация)лар раҳбарлари лавозимларига янги номзодлар бўйича таклиф киритиши керак.

Гендер тенглиги

Халқаро олимпия қўмитаси томонидан 2020 йил декабрда қабул қилинган қарорга асосан 2024 йилдаги Олимпия ўйинларида илк бор гендер  тенглик таъминланиб, эркаклар ҳамда аёллар учун қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар сони тенг равишда белгилаб берилди.

Туризм ва спорт вазирига ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига спорт федерация (ассоциация)лари билан биргаликда 2024 йилдаги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнида қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:

– икки ой муддатда аҳоли ўртасида гендер тенглик тамойилларини “маҳаллабай” тизими асосида таниқли спортчилар иштирокида тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқсин ва амалга ошириш;

– Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун талабгорлар ўртасида аёл спортчилар улушини ошириш чораларини кўриш. Бунда, уларнинг эркак спортчилар сонидан фарқи +/-3 фоизгача бўлишини таъминлаш;

– 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олимпия захиралари спортчиларини тайёрлашга ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаларида аёллар учун қабул квоталарини ошириш чораларини кўриш.

Фармакологик таъминот ва тизимли таҳлил

Туризм ва спорт вазирлиги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликда қуйидагиларни таъминлаши зарур:

– спортчиларни тиббий ва фармакологик таъминлаш, уларда спортчиларнинг иштирокини даврида илмий жиҳатдан таҳлил қилиш бўйича мутахассислар (тренерлар, шифокорлар, физиологлар, диетологлар, илмий таҳлилчилар ва бошқалар) гуруҳларини ташкил этиш;

– 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) бажарилишини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш, масъул вазирлик, идора ва ташкилотларга кўмак бериш ва методик ёрдам кўрсатиш, кўрилаётган чоралар натижалари, миллий терма жамоаларнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги аҳволи, Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича асосли таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиб бориш.

Республика комиссияси ва коррупцияга қарши курашиш

2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзгиОлимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди. Республика комиссияси бир ой муддатда Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларига тегишли шарт-шароитлар яратиш учун уларни вазирлик, идора ва йирик ташкилотларга бириктириши, шунингдек, ушбу ташкилотларнинг аниқ вазифаларини белгилаши лозим. Комиссия икки ой муддатда спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнида (мусобақаларни ҳар бир босқичда ўтказиш, спортчиларни саралаб олиш, тренерларни жалб қилиш, спорт-таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш, норматив ва имтиҳонларни топшириш ва бошқалар) коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаши ва амалиётга жорий қилиши зарур.

Спортчиларга стипендиялар ва бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси маблағлари ҳисобидан спортчи ва тренерларга Республика комиссияси томонидан белгиланадиган миқдорда стипендия кўринишида ҳар ойда тўланадиган тўловлар тайинланади.

Миллий терма жамоалар спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассислари учун ҳар ойлик стипендиялар, бир марталик тўланадиган пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар ва бошқа ёрдам кўринишида олинадиган тўловлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди ва уларга ижтимоий солиқ ҳамда суғурта бадаллари ҳисобланмайди.

Молия вазирлигига жорий йил якунига қадар 2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўришга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар самарадорлигини ўрганиб чиқиш ҳамда таклифлар киритиш топширилди.

Шунингдек, вазирлик Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерация (ассоциация)лари томонидан тақдим этилган талабномалар асосида Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун зарур маблағларни ўрнатилган тартибда 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджетидан ажратилишини таъминлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.