Германия тараққиёт банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга 29,8 млн евро ажратмоқда
Президентнинг “Германия тараққиёт банки иштирокида «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, Германия тараққиёт банки (KfW) томонидан Ўзбекистонда «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон ва Германия ўртасида қарз ва грант битимлари имзоланган. Бу ҳақда “Норма” нашри хабар беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 29,8 млн евро бўлиб, шундан:
- 26,8 млн евро KfWнинг кредитини;
- 3 млн евро Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ консультация хизматлари учун KfW грантини ташкил этади;
Кредит йиллик 2%ли ставкада, 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 30 йил муддатга ажратилади.
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларида амалга оширилади. Амалга ошириш муддати – 4 йил (2021-2024 йиллар).
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, Лойиҳани амалга ошириш жараёнида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва МБ билан биргаликда KfW билан келишган ҳолда бир ой муддатда Лойиҳа доирасида иштирок этувчи молиявий ташкилотларни танлаб олиш мезонларини ва бериладиган кредитни молиялашнинг муддатлари ва шартлари (валюта хатарини ҳисобга олган ҳолда), сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда KfW кредитидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш топширилди.
Молия вазирлигига KfW қарз маблағларини Лойиҳада иштирок этувчи молиявий ташкилотларга:
- Ўзбекистон валютасида қайта кредитлашда МБнинг асосий ставкасидан кам бўлмаган ставкада;
- еврода қайта кредитлашда жалб қилинаётган кредит ставкасининг 25%идан ошмайдиган миқдорда Ўзбекистон маржаси билан тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Шарҳлар