Германиянинг Siemens конгломерати Ўзбекистонда энергетика соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширади

Фото: Минэнерго

Германиянинг Siemens конгломерати Ўзбекистонда бир қатор энергетика лойиҳаларини амалга оширмоқчи, Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда «Газета.uz» нашри ёзади.

2 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми доирасида Siemens Energy ва «Иссиқлик электр станциялари» 4 та энергия тежовчи газ турбинаси ўрнатиш бўйича 72 миллион евролик шартномалар имзолади. Бухоро шаҳрининг 3-сонли иссиқлик таъминоти қозонхонасида ва Муборак ИЭМ корхонасида ҳар бирининг қуввати 54 МВтга тенг бўлган иккитадан, жами 4 та газ турбина ўрнатилади.

Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий қуввати 216 МВтга ошади, шунингдек, йилига 1,7 миллион кВт/соат электр энергияси ва 1,5 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, 80 та доимий иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари Германия концерни билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш ва 2025−2026 йилларда ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Германия компанияси Навоий кимё кластерида иссиқлик электр станциясини, шунингдек, умумий қуввати 1000 МВт бўлган шамол ва қуёш станцияларини қуришда иштирок этади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.