Хўжаобод тумани прокурори ўринбосари пора билан қўлга олинди

Фото: ЎзА

Андижон вилояти Хўжаобод туман прокуратураси терговчиси туман ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 228-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва тергов ҳаракатлари давомида енгиллик яратиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда терговчи сўралган пул маблағини умумий овқатланиш масканида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

«Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида терговчига ушбу пулларни олиш бўйича кўрсатмани туман прокурори ўринбосари берганлиги тўлиқ исботланиб, у ҳам қамоққа олинди», – дейилади хабарда.  

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Пастдарғом тумани прокурори ёрдамчиси туман ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят ишида айбланувчи сифатида ўтаётган фуқарога нисбатан суд жараёнида енгиллик қилиш ва суд идораларида ишловчи танишлари орқали қамоқдан чиқариш эвазига, унинг қариндошларидан 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, прокурор ёрдамчиси сўралган пул маблағидан 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.