Халқ таълими вазирлиги ва USAID 6,5 млн дона дарсликни тарқатиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда

Источник: пресс-служба посольства США в Узбекистане

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) хорижий тил – инглиз тили (EFL) фанидан 33 номдаги юқори сифатли,  халқаро манбалар асосида ишлаб чиқилган дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни Халқ таълими вазирлигига 2022-2023 ўқув йили давомида фойдаланиш учун топширди.  Халқ таълими вазирлиги 6,5 миллион нафардан ортиқ ўқувчи учун янги дарсликларни чоп этиб, барча ўқувчилар юқори сифатли ўқув мажмуаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши ва Ўзбекистоннинг инглиз тили (EFL) фани ўқитувчилари дарс ўтиши учун юқори сифатли ўқитувчилар қўлланмасидан фойдалана олишини таъминлади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

“Инглиз тили фанидан ушбу янги ўқув-методик мажмуаларнинг Республика миқёсида тарқатилиши USAIDнинг Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлигидаги муҳим босқичдир.  Бизнинг бардавом ҳамкорлигимиз Ўзбекистонда илгари сурилган “Инглиз тилида сўзлашувчи миллат” ташаббусининг катта мақсадлари ҳамда Ўзбекистон ёшларининг келажакда таълим олиш ва касбий фаолият билан шуғулланишга пухта тайёргарлик кўриши учун инглиз тили кўникмаларини оширишга қаратилган умумий мақсадимизга хизмат қилади”, – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссиясининг таълим бўлими директори Луанн Гронховд.

2021-2022 ўқув йили давомида Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги 200 дан ортиқ мактабда инглиз тили (EFL) фанидан ўқув-методик мажмуалар тажриба-синовдан ўтказилди.  Тажриба-синов доирасида 800 нафар ўқитувчига ушбу янги қўлланмалардан фойдаланиш ва ҳақиқий тил ўрганишга эътибор қаратувчи ҳамда ўқувчи шахсига йўналтирилган таълим амалиётини ўз ичига олган тренинглар ўтказилди.  Ўзбекистонлик ўқитувчилар ва мутахассислар ҳам инглиз тили (EFL) жамламаларини Ўзбекистоннинг ўзига хос контекстига мослаштиришга ўз ҳиссасини қўшди.

Республика миқёсида айтиб ўтилган ўқув-методик жамламаларни тарқатишга тайёргарлик кўриш учун USAID Ўзбекистоннинг 14 вилоятидаги устоз-тренерларни тайёрлади.  Ушбу устоз-тренерлар ўз навбатида Ўзбекистон бўйлаб инглиз тили (EFL) ўқитувчилари билан бевосита ишлайдиган бошқа тренерларни тайёрлади.  Ушбу каскад усули орқали Ўзбекистоннинг барча инглиз тили ўқитувчилари 2022-2023 ўқув йили бошлангунга қадар янги ўқув-методик жамламалар ҳамда ҳақиқий тил ўрганишга эътибор қаратувчи ва ўқувчи шахсига йўналтирилган таълим амалиётидан фойдаланишга тўлиқ ўргатилади.  Бу тренинг янги дарслик ва ўқитувчи учун қўлланмалар билан биргаликда 1-11-синф ўқувчилари инглиз тили дарсларида халқаро илғор тажрибани акс эттирувчи такомиллаштирилган таълим олишини таъминлайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.