Ҳавола орқали ўзганинг пул маблағини ўғирлаган шахс ушланди

Фото: Киберхавфсизлик хизмати

М.Улуғбек туманида яшовчи 45 ёшли (аёл) С.А. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 50.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, Нукус шаҳрида яшовчи 32 ёшли У.Н. содир этганлиги аниқланган.

«Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган У.Н. Интернет фойдаланувчиларига “Телеграм” мессенжери орқали турли хил мазмунидаги хабарни ҳавола билан жўнатиб, банк карта маълумотларини қўлга киритган ва карталарда сақланган пулларни ўғирлаган», – дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, У.Н.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ЖКнинг 169-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.