Тошкентда сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ ушланди

Foto: Sputnik

Жиззах вилояти ИИБ 2022 йилнинг ноябрь ойидан шу йилнинг апрель ойига қадар 200 нафардан зиёд фуқарони чув туширган жиноий гуруҳ ушланганини маълум қилди.

2022 йил ўрталарида Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатда туриб, IТ компанияларидан бирида фаолият юритаётган икки нафар бухоролик йигит сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш режасини тузган. Улар ижтимоий тармоқлардаги канал ва гуруҳларда муайян нарх эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси сотилиши ҳақида эълонлар тарқатган.

Фирибгарлар ҳар битта категория бўйича турли нархлар белгилаган. Масалан, А, B, C категория учун 3,5 миллион сўм, D, E учун 4 миллион сўм, ҳам D ҳамда E учун эса 5,5 миллион сўм тўланиши керак бўлган.

Улар инсонларга ўзларини ИИО ходимлари сифатида таништирган. Қилмишлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун бегона кимсадан банк пластик картаси сотиб олинган. Осонгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни мақсад қилганлар эса ушбу карталарга тўловни амалга оширган.

Йигитлар чув тушган инсонларни ишонтириш мақсадида “фотошоп” орқали ясалган сохта гувоҳномалар расмини юборган ва ижтимоий тармоқларда “мана гувоҳномани олдим” мазмунидаги видеолар тарқатган. Бундан ташқари, улар Россияда яшовчи фуқаро билан интернет орқали боғланиб, ундан пул эвазига муайян шахсга тегишли фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ускунадан чиқиш жараёни акс этган видео олган ва бу видеоларни ҳам реклама тариқасида тарқатган.

Фирибгарликда гумонланаётганлар ўз мижозлари билан ҳеч қачон кўришмаган, онлайн мулоқот чоғида ҳам юзларини кўрсатмаган.

Уларга ишониб, пули ҳавога учган инсонларнинг бирортаси бу ҳақида шикоят қилмаган. Ижтимоий тармоқларда шу каби эълонларни кўриб қолган ИИО ходимлари томонидан уюшган жиноий гуруҳни фош этиш чора-тадбирлари кўрилиб, дастлаб Тошкент вилояти Ангрен шаҳри “Карвон” маҳалласида яшовчи шахс қўлга олинган ва гумонланувчидан ноутбук, уяли алоқа воситалари, банк картаси ва 10 миллион 800 минг сўм ҳужжатлаштирилиб олинган.

Тезкор суриштирувлар натижасида, жиноий гуруҳнинг барча аъзоси ушланган. Қўлга олинганлар орасида жиноий гуруҳ фаолиятини бошқарган икки нафар бухоролик йигит, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасининг фотосуратларини ясаган дастурчи ва ижтимоий тармоқда гуруҳларни ташкил қилган олти нафар шахс бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.