ХМТ, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилганлигини олқишлади
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИCEФ) ва Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилганини олқишлади.
«Жаҳон миқёсида ва Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ислоҳотини қўллаб-қувватловчи етакчи ташкилотлар сифатида ишончимиз комилки, бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги кун тартибини илгари суришда ҳамда бутун ҳаётлари давомида алоҳида шахслар ва оилаларнинг камбағаллик, заифлик ва ижтимоий четланишини камайтиришга ва олдини олишга қаратилган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини, шунингдек Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш мақсадлари ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларини амалга оширишдаги муҳим қадамдир», – дейилади ҳамкорликдаги баёнотда.
Агентликнинг вазифалари қаторига аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг комплекс ва ҳар томонлама чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, заифликнинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш киради.
«Ташкил этилган Агентлик тарқоқлик, ижтимоий ҳимоя функтсияларидаги бўшлиқларни бартараф этиш, тизим мониторинги ва баҳолашни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишига қатъий ишонамиз. Бундан ташқари, Агентлик болаларни ҳимоя қилиш ва ногиронлиги бўлган шахслар инкюзияси борасидаги устувор йўналишларга халқаро стандартлар ва меъёрларга мувофиқ равишда алоҳида эътибор бериши қувонарлидир. Ушбу агентлик ваколатли орган сифатида ижтимоий таъминот ва ижтимоий хизматларни ўзида мужассамлаштирган ижтимоий ҳимоя сиёсатини ишлаб чиқишни, шунингдек бандлик сектори ва бошқа хизматлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришни таъминлайди. Умид қиламизки, Агентлик миллий ижтимоий ҳимоя сиёсатининг меъёрий асосларини белгилаб беради, алоҳида дастурларни ишлаб чиқишга раҳбарлик қилади ҳамда чора-тадбирларнинг амалга оширилишини далилларга асосланиб назорат қилган ҳолда уларнинг мувофиқлаштирилганини таъминлайди».
Ташкилотлар Агентлик доирасида “Ўзбекистонда оилалар ва болалар фаровонлигига таъсир этувчи, узоқ давом этадиган ёки тўсатдан содир бўладиган зарба ва инқирозларга мослашувчи ва тезкор жавоб берадиган, уларнинг чидамлилигини мустаҳкамлайдиган ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш учун улкан имкониятларни кўришмоқда”.
ХМТ, ЮНИCEФ ва Жаҳон банки мамлакатда барчанинг манфаати йўлида ижтимоий ҳимояни ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳукуматини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.
.
Шарҳлар