Хорижий инвесторларга бизнесни “ягона дарча” тамойили бўйича ташкиллаштириш таъминланади

Источник: president.uz

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида инвесторларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилмоқда. У инвесторни аэропортда кутиб олишдан тортиб, “ягона дарча” тамойили бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсатнома ва лицензиялар беришгача бўлган барча хизматларни кўрсатади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди, деб ёзади “Фергана” нашри.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида амалга оширади. Унинг ишини мувофиқлаштириш АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов зиммасига юклатилди.

“У бошқа барча ишлардан озод қилинади ва фақат инвесторлар билан ишлашга эътибор қаратади”, дея тушунтирди Мирзиёев. Унинг қўшимча қилишича, инвесторлар билан боғлиқ мурожаатлар ижобий ҳал этилиши бош вазир ўринбосарлари Жамшид Хўжаев, Жамшид Қўчқоров ва Жўрабек Мирзамахмудов томонидан таъминланади.

Ишчи гуруҳ Кенгаш котибияти билан биргаликда хорижий инвесторларнинг таклифлари асосида – аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, муддатлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади.

Кенгаш мажлисида Suez, Calik Holding, Cengiz Enerji, Halyk Bank, VEON Group, TBC Bank, Абу Даби Тараққиёт фонди, ACWA Power, Zeppelin International AG, EDF, AME International, CNH Industrial, Youngone Corporation, Procter & Gamble, Mitsui, Sojitz Generation DMCC, KIA Motors, General Electric, John Deere, Silverleafe, Knauf, White&Case каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари – Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банкининг вакиллари иштирок этди.

Президент йиғилиш иштирокчиларига қимматли фикр ва таклифлари учун миннатдорлик билдирди.

“Ўзбекистон билан конструктив ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган эътиборингиз ва жиддий ниятларингизни юксак қадрлайман. Такрор айтаман: Ўзбекистонда бизнесингиз муваффақиятли бўлиши, ўзингизни юртимизда ишончли, эркин ва қулай ҳис қилишингиз учун биз барча чораларни кўрамиз”, — деди Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, кейинги беш йилда қулай сармоявий муҳитни яратиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган хорижий инвестициялар ҳажми ўн баробар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этган.

“Биз ўз олдимизга келгуси ўн йил ичида ялпи ички маҳсулотни икки баравар оширишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бунинг учун бизда ирода ва имкониятлар етарли. Ўз олдимизга қўйган ана шундай юксак мақсадларга эришиш учун келгуси беш йил ичида инвестициялар ҳажмини 120 миллиард долларга етказишни, жумладан, камида 70 миллиард долларлик хорижий сармояни жалб қилишга умид қиляпмиз”, — деди Мирзиёев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.