ХТВ ўқитувчиларнинг хонадонма-хонадон юришга мажбур қилинаётганига алоқадорлигини рад этди

Источник: uzedu.uz

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар ҳамон ўз микроучасткасидаги мактаб ёшидаги болалар борлиги ҳақида маълумот йиғиб, хонадонларни айланиб чиқишга мажбур қилинаётгани ҳақидаги айбловларга расмий жавобини эълон қилди. Ўқитувчиларнинг кўплаб шикоятларини блогер Никита Макаренко ўз каналига жойлаштирган, деб ёзади  “Новости Узбекистана” нашри .

Халқ таълими вазирлиги бунга жавобан Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 15-мартдаги қарорида мактаб ўзига ажратилган микроучастка ҳудудида яшовчи болаларни рўйхатга олиши шартлиги белгилаб қўйилганини айтди. Мактаб раҳбарияти мактабга бириктирилган миттитуманда яшовчи ва келажакда мактабга келиши мумкин бўлган болалар ҳақида маълумотга эга бўлиши шарт.

Бироқ бугунги кунда бу жараён электрон тизим орқали амалга оширилаётгани боис ўқитувчиларнинг уйма-уй юришига ҳожат йўқ. Сўнгги икки йилда Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига болаларни қабул қилиш онлайн тарзда амалга оширилмоқда.

Ўқитувчиларни микроучасткада маълумотлар йиғиш жараёнига ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб қилинишиши ХТВ алоҳида раҳбарларнинг “ташаббуси” деб атади ва бундай амалиёт бутунлай тақиқланганлигини таъкидлади.

Ташкилот Президентнинг 2018-йилда имзоланган қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини ўз хизмат вазифаларига боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган фаолиятга жалб қилиш тақиқланишини эслатиб ўтди.

Вазирлик, шунингдек, бундай қонунбузарлик ҳолатларида ўқитувчилар 71-202-09-09 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

Вазиятга муносабат

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов Халқ таълими вазирлиги ва бошқарма мутасаддиларига ўқитувчиларга юклатилган вазифаларни инвентаризациядан ўтказиш, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаганларини бекор қилиш топширилганини маълум қилди.

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича Комиссия аъзоси Саида Мирзиёева  ўқитувчиларни яна “йигирма йил аввалгидек хонадонма-хонадон юриб, ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётганини билиб, жуда хафа бўлдим”-деб баёнот берди.

“Ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ва мансабдор шахслардан уларга кераксиз ва ноқонуний мажбуриятларни юклашни бас қилишни сўрашни ниҳоятда зарур деб биламан. Фарзандларимизга билим ўргатиш орқали юртимиз келажагини таъминлаш ўқитувчиларнинг асосий вазифасидир. Бу ўз-ўзидан анча қийин иш. Таълим тизимидаги чексиз муаммолар олдида ўқитувчилар елкасига қўшимча масъулият юклаш ниҳоятда кераксиз. Ўқитувчиларни ташқарида ишлашга мажбурлаш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар келтиради”, деб ёзади у.

Мирзиёева барча масъуллардан ушбу муаммони тезроқ ҳал этишни ва ўқитувчиларни дарс беришдан ташқари барча мажбуриятлардан озод қилишни сўради.

“Мамлакатимизда таълим масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Биз ўқитувчиларга бепул ходимлардек муносабатда бўлишни бас қилишимиз керак. Менимча, улар жамиятнинг энг ҳурматли ва ҳимояланган қатламига айланиши керак – бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши керак. Зеро, таълим-тарбия орқалигина ўқитувчилар ёрдамидагина тараққиётга эришиш мумкин. Фарзандларимиз ҳаётда ўз ўрнини топиши учун устозларимизни улуғлашимиз керак!”, дея ўз фикрини якунлади у.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ходимларни ўз функционал мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича назоратни кучайтириши, меҳнат қонунчилигини бузувчи айбдор мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлади..

Комиссия, агар сиз мажбуран ишлаш муаммосига дуч келсангиз, “1176” ва “1092” ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз кераклигини эслатди. Ҳар қандай маълумот ва ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда тезкор ўрганилиб, зарур чоралар кўрилади. Ариза берувчининг шахси ҳақидаги маълумотлар унинг розилигисиз ошкор этилмаслиги кафолатланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.