Самарқандда қизларни Ўмон давлатига фоҳишаликка жўнатган аёлларга суд ҳукми ўқилди
Самарқандда қиз ва аёлларни Ўмон давлатига фоҳишаликка жўнатиш билан шуғулланиб келган икки аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизматига таяниб, “Kun.uz” хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, асли Фарғонадан бўлган 32 ёшли аёл ёш қизларни Ўмон давлатида фоҳишаликка мажбурлаб келган. У ўзининг жиноий қилмишига жиззахлик аёлни шерик қилган.
Бу икки аёл чет элга чиқиш орзусида юрган қизларни виза ва бошқа харажатларини тўлаб, уларни 2021 йилдан бошлаб хорижга юборган. Қизларнинг орасида фарғоналик аёлнинг овсини ҳам бўлган.
“Замон” информацион дастурида берилган лавҳада аёл уй олиш ва шароитини яхшилаш учун ишлаш мақсадида борганини, бироқ манзилга етгач ўз овсини уни фоҳишаликка мажбурлаганини айтган.
“Мен борганимда умуман тил билмасдим, тушунмасдим. У гаплашиб, қизларни меҳмонхонага ташлаб чиқарди. Мен официантликка борган эдим, кейин мени фоҳишаликка мажбурлади”,- дейди аёл.
Гувоҳлардан бири судланувчи у ерга жуда кўп қизларни чақириб бергани, 18 та қиз бор, деб эшитганини таъкидлаган. Шунингдек, жабрланувчилар икки аёл уларни куч ишлатиб жазолаганини ҳам айтишган.
Ҳолат юзасидан суд иши Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Замон” дастури хабар қилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида судланувчилар Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.
Ҳар икки аёлга нисбатан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шарҳлар