Human Rights Watch ташкилоти Ахборот кодекси лойиҳасини қайтаришга чақирди

Источник: https://www.middle-east-online.com/

“Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, қабул қилинган тақдирда сўз эркинлиги, жумладан, оммавий ахборот воситалари эркинлигига путур етказадиган Ахборот кодекси лойиҳасини қайтариб олиши керак”, – дейди Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти.

“Ўзбекистон қонун чиқарувчилари фикр билдириш эркинлиги ва камситмаслик тамойили учун жиддий оқибатларни ўйламай туриб, ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишга шошилмасликлари керак”, – дейди ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Михра Риттманн. “Ўзбекистон қонун чиқарувчилари уни кўриб чиқишдан олдин унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро қонунчиликка тўлиқ мос келишига ишонч ҳосил қилишлари лозим”.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ахборот кодекси 2022 йил 14 декабрда эълон қилинган ва 29 декабргача жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ. У ахборотни тартибга солувчи саккизта қонунни, жумладан, оммавий ахборот воситалари, ахборотдан фойдаланиш ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бирлаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси тергов ва суд жараёнларида эълон қилинадиган маълумотларни, шунингдек, “жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизлик кўрсатадиган” ёки “ҳақорат қилувчи” маълумотларни, шу жумладан, беҳаё сўзларни тартибга солувчи ва чекловчи қоидаларни ўз ичига олади.

“Бундай қоидалар журналистлар ва блогерларни тўхтатувчи таъсир кўрсатади”, – дея таъкидлайди ташкилот.

HRW баёнотида айтилишича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги кодекс лойиҳасида қайд этилган ахборот эркинлигига қўйилган ҳар қандай чекловлар халқаро ҳуқуқда кўзда тутилганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасида зарурий ва мутаносиб равишда ва фақат қонуний мақсадларда қатъий чекланишини таъминлаши керак.

“Ушбу кенг қамровли қонунни жамоатчилик муҳокамаси учун икки ҳафталик муддат жамоатчиликка ёки ОАВ ва ахборот қонунчилиги соҳасидаги мутахассисларга тегишли чоралар кўриши ва қонун журналистлар, блоггерлар ва ахборот соҳасида фаолият кўрсатувчи бошқа шахсларнинг, шу жумладан ҳуқуқ ҳимоячилари ва кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш учун етарли вақт бермайди”.

Ўзбекистон Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иштирокчиси бўлиб, у бошқа ҳуқуқлар қаторида сўз эркинлиги, жумладан, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш, шунингдек, камситишлардан ҳимояланиш ҳуқуқларини кафолатлайди.

“Ўзбекистоннинг ҳамкорлари Ўзбекистон томонидан эълон қилинган ислоҳотлар дастури камситувчи, сўз эркинлиги ва юқоридаги халқаро пакт бўйича кўплаб мажбуриятларни бузувчи қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши билан мос келмаслигини очиқ айтиши керак”.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қўшимча тузатишлар киритиш учун қонун лойиҳасини қайтариб олиши ҳамда лойиҳани кўриб чиқиш ва эксперт баҳосини бериш учун ОАВ ва ахборот қонунчилиги соҳасидаги мустақил экспертларни таклиф қилиши керак, дея қайд этади HRW.

“Ўзбекистон қонун чиқарувчилари ушбу Ахборот кодекси ҳақида сўз борганида, қонун журналистлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъминлаши керак”, – дейди Риттманн. – Лойиҳадан ҳуқуқларни бузувчи моддаларни чиқариб ташлаш ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун ҳали вақт бор”, – дейди у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.