Хуршид Далиев: «…Сўз эркинлигини бироз нотўғри тушунибмиз»

Хуршид Далиев. Фото: Human.uz

27 январь куни human.uz интернет нашри ходимлари ҳуқуқ-тартибот идораларига келиб тушган ариза асосида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қўлга олинди. Нашрнинг ёзишича, етти нафар ходим ҳибсга олинган. Бироздан кейин шу иш бўйича Меҳнат вазирлиги матбуот котиби ҳам қўлга олингани маълум бўлди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига тергов жараёнида айбланувчиларнинг ҳолидан хабар олиш учун йиғилиш ташкил этиш юзасидан мурожаат юборилди. Бош прокуратура кўмагида ўтказилган йиғилишда Агентлик ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

“Суҳбат давомида Хуршид Далиев саломатлиги ва аҳволи ҳақида маълумот берди. Хусусан, у ўзига ва атрофидагиларга ҳеч қандай босим йўқлиги, барча тергов ҳаракатлари қонун доирасида адолатли амалга оширилаётганини таъкидлади”, — дейилади АОКА  хабарида.

Хуршид Далиев журналистлар фотосурат ва видеога олишини хоҳламади.

“Менинг аҳволим яхши, тергов давом этмоқда. Биз хато қилдик, сўз эркинлигини бироз нотўғри тушунибмиз. Аҳволим яхши, уч маҳал овқат бериляпти, шифокор кунига икки марта текширади. Ҳар бир тергов жараёни адвокатнинг бевосита иштирокида ўтказиляпти”, —деди Хуршид Далиев саволларга жавоб берар экан.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.