Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислик Ўзбекистонга ўтди

Источник: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммити ишида иштирок этди. Давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳамда ташкилот бош котиби Ўзбекистонни 2022 йилда ИҲТга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади.

Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

«500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур. Қабул қилинган “ИҲТ истиқболлари – 2025” концептуал дастури асосида, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш мақсадга мувофиқдир».

Шу муносабат билан ташкилот доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф қилинди. Мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг тадбиқ этиш масалалари ўз ифодасини топиши зарур.

«Мамлакатларимизда ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш бугунги кун талаби экани таъкидланди», – дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Бунинг реал механизми сифатида Шавкат Мирзиёев БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун (СПЕКА) Махсус дастури билан ҳамкорликда Ташкилотимиз доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди.

Ўзбекистон президенти бу режаларни рўёбга чиқариш учун мамлакатларнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этди.

Давлат раҳбари сайёҳлик алмашинувини қайта тиклаш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди. Ушбу ташаббус доирасида зиёрат туризми” ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Президенти ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурди.

Ташкилот доирасида муайян соҳани ривожлантириш бўйича ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Президентимиз ИҲТда 2022 йилни Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.

Саммит якунида Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди. Ушбу ҳужжат аъзо мамлакатларнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги муҳим устувор интилишларини ўзида мужассам этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.