Иқтисодий санкциялар остига тушган шахсларга Ўзбекистон банкларида ҳисобрақам очиш тақиқланиши мумкин

Иқтисодий санкциялар остига тушган шахсларга Ўзбекистонда банкларда ҳисобрақамлар очиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сешанба куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тушунтириш хатида қайд этилишича, қонун лойиҳаси “Ўзбекистон банк-молия тизимининг халқаро молия тизимига интеграциялашуви даврида мамлакат банкларида санкцияларга риоя қилиш тизимини яратиш зарурлиги”га асосланади.

Қайд этилишича, ҳозирги геосиёсий шароитда иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарлар кучайган, шунинг учун кредит-тўлов ташкилотларида санкцияларга риоя қилишни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарур.

Хатарлар қаторида хорижий корреспондент банклар билан муносабатларнинг эҳтимолий узилиши, маҳаллий банкларга нисбатан иқтисодий санкцияларнинг қўлланилиши, шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги трансчегаравий пул ҳисоб-китобларида узилишларга олиб келиши мумкин бўлган ташқи молия бозорларига киришни чеклашлар киради.

Марказий банк ўринбосари Аброрхўжа Турдалиевнинг айтишича, ҳужжат Марказий банкка кредит-тўлов ташкилотларида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш, уларни тўғри баҳолаш ва хатарларни минималлаштириш бўйича талабларни белгилаш ваколатларини беради («Марказий банк тўғрисида»ги Қонуннинг 61-моддасига тузатишлар).

Қонун лойиҳасига кўра, банклар, тўлов ташкилотлари ва тизимлари, шунингдек, нобанк ташкилотлари, агар банкларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланилиши хавфи мавжуд бўлса, мижозлар билан амалиётларни бажаришни ва уларга ҳисобварақ очишни рад этиши ёки чеклаши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, тўлов ташкилотлари лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатига иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича талабларга риоя қилиш юзасидан кўриладиган чора-тадбирлар тавсифини илова қилиши шарт.

Тузатишларни ишлаб чиқишда Латвия, Чехия, Эстония ва Грузия тажрибаси ҳисобга олинди, дейилади йиғилишда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.