ИИВ “Йўл ҳаракати қоидаларининг ёш тарғиботчиси” клубини яратишни таклиф этмоқда

Источник: https://www.autostrada.uz/

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, ИИВнинг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг амалдаги штат бирликлари доирасида ЙҲХББ ва ҳудудий бошқармаларида 1 нафардан олий педагогик маълумотга эга, таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борувчи алоҳида катта инспектор лавозимини жорий этилмоқда, деб ёзади Uznews нашри.

Таълим муассасаларида хизмат қилувчи катта инспекторнинг вазифаларига қуйидагилар киради:

— Таълим муассасаларида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, викторина ва мусобақаларни ташкил этиш, тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминлаш, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича яратилган шароитларни ўрганиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш, аниқланган камчиликлар юзасидан юқори турувчи ташкилотларга тақдимномалар, ахборотномалар киритиш;

— Таълим муассасаларида мазкур қарор доирасида амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш;

— Ҳар ҳафтада Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига  амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бериш.

Таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби ташкил этилади.

Қарорга кўра, ҳар бир умум таълим мактаб 9–11 синф ўқувчилари орасидан йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилувчи 1 нафар “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” танлаб олинади. 

Таълим муассасаларига бириктирилган ходимлар ўтган машғулотлари учун рағбатлантирилади.

Лойиҳа 20 декабрга қадар муҳокама қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.