Июль-сентябрь ойларида Ўзбекистонга қарийб 190 минг россиялик келган, бу биринчи ярим йилликка қараганда бир ярим баравар кўп
2022 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонга Россия Федерациясининг 318 156 нафар фуқароси кириб келган, деб ёзади “Медуза” республика Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда.
Дастлабки олти ойда мамлакатга деярли 129 минг Россия фуқароси келган бўлса, энг катта оқим июль-сентябрь ойларида кузатилган, ўшанда Ўзбекистонга 189 мингдан сал кўпроқ одам келган. Ички ишлар вазирлиги октябрь ойи учун маълумотларни келтирмаган.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси аввалроқ октябрь ойида 2022 йилнинг тўққиз ойида Россиядан қанча одам мамлакатга келгани ҳақида бошқа маълумотларни тақдим этган эди. Агентлик маълумотларига кўра, ушбу даврда Ўзбекистонга 395,1 минг киши, шу жумладан, сентябрь ойида 78,2 минг киши келган. Қўмита ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан буён Россиядан мамлакатга 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 2,1 баробар кўп сайёҳ келган.
21 сентябрда Россияда сафарбарлик бошланганидан сўнг, кўплаб россияликлар мамлакатдан, биринчи навбатда, визасиз кириш мумкин бўлган қўшни давлатларга кетишни бошлаган. Дастлабки ҳафталарда Россия ва Грузия, Қозоғистон, Финляндия ўртасидаги қуруқлик чегараларида узун навбатлар пайдо бўлди ва Россиядан парвозлар учун чипталар сезиларли даражада ошди. Қозоғистон асосий кўналишлардан бирига айланди, бу ерга сафарбарликнинг дастлабки икки ҳафтасида 200 мингдан ортиқ Россия фуқароси кирган. Узоқ Шарқ ҳудудларининг баъзи аҳолиси урушдан қочиб, қайиқларда АҚШга жўнаб кетишган.
Шарҳлар