Икки вилоят ҳокими президентдан ҳайфсан олди, яна тўрттаси лавозимидан маҳрум бўлди

Источник: president.uz

20 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сирдарё вилоятининг ҳокими Ғафур Мирзаев ва Хоразм вилоятининг ҳокими Фарҳод Эрманов Ўзбекистон президентидан ҳайфсан олди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълумотларига кўра, президент хусусийлаштириш ишлари суст ташкил этилганини қайд қилган.

Шунингдек, Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари, трансформация ва хусусийлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун “Ўзагросервис” жамияти раиси Рустам Хайитов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Носоҳавий, самарасиз ва бўш турган активларни аниқлаш ҳамда очиқ савдоларга чиқаришга вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланди. Шавкат Мирзиёев бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифасини қўйди. Йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтилди.

 «Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин», – деди давлат раҳбари.

Бош вазирга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Бундан буён, уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланди. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.