Иккита БАА компанияси Толимаржон ИЭСини модернизация қилишга қарийб 1 млрд доллар йўналтиради

Источник: МИВТ

Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Mubadala ва TAQA компаниялари Толимаржон иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш учун қарийб 1 миллиард доллар сармоя киритади. Шартномалар 9 сентябрь куни имзоланди, деб ёзади “Фергана” нашри Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ)нинг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Имзоланган битимлар Талимаржон иссиқлик электр станциясини бошқарадиган қўшма корхона ташкил этишни назарда тутади. БАА компанияларининг инвестициялари қўшма корхонанинг 300 миллион долларлик устав капиталидаги 80 фоиз улуши учун тўлов ҳамда илгари «Талимаржон ИEС» АЖ томонидан жалб қилинган тахминан 700 миллион долларлик кредитларни тўлашга йўналтириладиган маблағлардан иборат.

Битимлар БАА компаниялари учун Талимаржон ИEС ва бошқа иссиқлик электр станцияларини электр энергияси ишлаб чиқаришнинг комбинациялашган циклининг энг замонавий буғ — газ қурилмалари билан жиҳозлаш орқали уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қўшимча инвестициялар киритиш имкониятини беради. Ушбу қурилмалар табиий газдан фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги коэффициенти ва атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар даражаси бўйича анъанавий буғ электр станцияларидан бир неча баравар устундир.

Аввалроқ 2024 йили Толимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғ — газ қурилмалари қуриш ва фойдаланишга топшириш режалари ҳақида хабар берилган эди.

Mubadala — Абу Даби ҳукуматига қарашли инвестиция компанияси. Дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида ишлайди. Компаниянинг инвестиция портфелига аэрокосмик, агробизнес, АКТ, металлга ишлов бериш, тоғ-кон саноати, коммунал хўжалик каби соҳалардаги лойиҳалар киради. Компаниянинг умумий активлари 250 миллиард доллардан ошади.

TAQA — ADQ инвестиция холдингига тегишли энергия компанияси бўлиб, дунёнинг 11 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади. Компания активларининг умумий қиймати 80 миллиард доллардан ошади.

Толимаржон ИЭС Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Нишон тумани Нуристон қишлоғида жойлашган. У 1984 йилда қурила бошланганди, аммо СССР парчаланганидан кейин лойиҳа музлатиб қўйилди. 1998 йили қурилиш қайта тикланди, станциянинг биринчи энергия блоки 2004 йил декабрь ойида ишга туширилди. 2016 йил октябрь ойида станция ўзининг 450 мегаватт қувватга эга биринчи, 2017 йил февралида худди шундай қувватга эга яна бир, август ойида эса яна иккита қурилмани ишга туширди. Иссиқлик электр станциясининг қуввати 1700 МВт. Уни 2600 МВтга, электр энергияси ишлаб чиқаришни эса йилига 20,4 миллиард кВт/соатга ошириш режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.