Ҳимоя ордерининг муддати бир йилгача узайтирилади

Инспекторы по вопросам женщин совместно с сотрудницами Нацгвардии помогают жительницам столицы. Источник: ГУВД Ташкента

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади. Лекин, ундан кейинги тизим бўшлиқ бўлиб қолган. Шу боис, энди аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан таъминланиши, алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача белгиланиши айтилди, дея қайд этади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Йиғилишда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши белгиланди.

Жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланади. 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. Шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бунинг учун, жорий йилда банкларга 1 триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм маблағ ажратилади.

Яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.

Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш, аёлларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиш бўйича кўрсатмалар берилди.

2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.