Имом Бухорийнинг яна бир асари ўзбек тилига таржима қилинди
Ҳадис илмининг султони – Имом ал-Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган “Халқу афъолил ибод” (бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратиши) асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди. Диний қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказилган асар “Вақф” фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан нашр этилади. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассислари асар таржимаси ва шарҳини тайёрлаш бўйича икки йил давомида чуқур илмий изланишлар олиб борган. Китоб Имом Бухорий даврида ислом таълимотини бузиб талқин қилган бидъатчи оқимларнинг даъволарига қарши ёзилган қатъий илмий раддиялардан иборат. Бу ҳақда 26 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда илмий-марказ ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов маълум қилди.
“Муаллиф “Халқу афъолил ибод” китобини умри охирлаб қолганда – 870 йилда ёзган. Унда Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзларидан мазкур масала (бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратиши) бўйича аниқ далиллар келтирилган. Китобга жами 628 ҳадис киритилган. Ўқувчига осон ва тушунарли бўлиши учун таржима чоғида 257 та изоҳ ва шарҳ, 248 та англатма ёзилди”, — дейилади хабарда.
Асар Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом цивилизацияси марказининг етакчи мутахассислари томонидан таҳрир қилинди. Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказилган Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил ибод” асари “Вақф” фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан нашр этилиши айтилмоқда.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан шу вақтга қадар алломанинг “Саҳиҳул Бухорий”, “Ат-Тарихус соғир“, “Биррул волидайн” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилди. Уламонинг қолган асарларини ҳам таржима қилиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.
Шарҳлар