«Ҳиндистон – Марказий Осиё» саммитида Мирзиёев қандай ташаббусларни илгари сурди

Источник: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни видеоанжуман шаклида ўтган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” биринчи саммитида иштирок этди.

Биринчи устувор йўналиш сифатида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш, Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини жорий қилиш орқали инсон капиталини ривожлантириш белгилаб олинди. Бунга мисол тариқасида кейинги йилларда мамлакатимизда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан биргаликда замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этилгани кўрсатиб ўтилди. Айни пайтда, Ҳиндистоннинг етакчи тиббий университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари қошида бундай клиникалар тармоғи янада кенгайтирилади.

Президент фармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олишни жадаллаштириш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурларини бошлаш, анъанавий тиббиёт усулларини кенг жорий қилиш ташаббусларини билдирди. Уларни илгари суриш мақсадида ҳар йили қўшма Соғлиқни сақлаш форумини ўтказиб бориш таклиф қилинди.

Ўзбекистон етакчиси янги университетлар ва профессионал таълим марказларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни йўлга қўйиш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Президент рақамли, молиявий ва блокчейн технологияларини ривожлантириш, киберхавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш борасида, шу жумладан мавжуд платформалар негизида ҳамкорлик қилишнинг минтақавий дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ўзбекистон президенти минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқалари самарадорлигини ошириш ва замонавий инфратузилма яратиш масалаларининг устувор аҳамиятини қайд этди. “Қуруқ” портлар тармоғини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, юк ташишда чегирма ва имтиёзли тарифлар тақдим этиш, божхона тартиботларини соддалаштириш мақсадида транспорт вазирларининг кўп томонлама учрашувлари механизмини йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Мирзиёев музейлараро ҳамкорлик, кўргазма ва анжуманлар ташкил этиш, қўлёзма фондларини рақамлаштириш ва виртуал кутубхона яратиш, умумий тарихий-археологик меросни тадқиқ этишни назарда тутадиган қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан минтақа мамлакатларида ҳинд маданияти ва киноси фестивалларини ўтказиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга алоҳида тўхталди. Ушбу мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўймаслик, йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга кўмаклашиш чораларини кўриш муҳим эканини таъкидлади.

Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар баён қилинган Деҳли декларацияси қабул қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.