Ҳиндистонлик тадбиркор Тошкент ҳокимини шантажда айбламоқда. Ҳокимлик Бош прокуратурага мурожаат қилмоқчи

Джахонгир Артыкходжаев и Мурари Лал Джалан на церемонии в честь старта строительства Minerva city, 17 сентября 2020 года. Источник: хокимият Ташкента

Minerva World of Knowledge компанияси асосчиси, ҳиндистонлик тадбиркор Мурари Лал Жалан Kun.uz нашрига берган интервьюсида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблади. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Мурари Лал Жалан Тошкентдаги Бахт кўли базасида 100 гектар майдонда барпо этилаётган Lake сity мажмуасига ва Minerva city лойиҳасига 34 миллион доллар сармоя киритганини таъкидламоқда.

«Бир неча ой ўтди, лекин „Minerva city“ ва „Lake City“ лойиҳалари учун тўлиқ бош режани тасдиқлата олмадик. Мен бу борада Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашиб олишни сўрадим, аммо ҳоким бу таклифни рад этди. Шундан кейин кутилмаганда прокуратура, экология, ёнғин хавфсизлиги бошқармалари каби давлат идоралари ходимлари қурувчиларнинг ишига халал бера бошлашди», — дейди у.

Тадбиркорнинг тасдиқлашича, шаҳар ҳокимининг тавсиясига кўра қурилиш компаниялари ҳиндистонлик инвестор компанияси билан шартнома тузишдан воз кечишмоқда.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йил мартида Жаҳонгир Ортиқхўжаев уни ҳокимиятга чақириб, гўёки “шантаж” қилган.

«Менга 2 та йўл қолдиришди: ё лойиҳаларимдан бирини, масалан, Lake City`ни амалга оширишдан расман воз кечишим, ё 100 млн долларни банкка жойлашим керак эди (депозит сифатида — таҳр.). Мен ҳокимга келишувдан ташқари ҳеч ким янги талаблар қўймаслигини, тадбиркор сифатида 7 йил ичида сарфланиши керак бўлган пулни кимнингдир ҳожати учун олдиндан жойлаштириш қийинлигини тушунтирдим», — қайд этади у.

Тадбиркор ҳоким агар ўз хоҳиши билан шу ишдан бирини қилмаса, “Minerva city ва бошқа барча лойиҳалар ундан олиб қўйилиши, Ўзбекистонда кун кечириши қийин бўлишини” айтганини таъкидлади.

Ҳиндистонлик тадбиркор интервьюси юзасидан Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати баёнот берди.

«Kun.uz таҳририяти томонидан тайёрланган ва тарқатилаётган Minerva сity компанияси вакили Мурали Лал Жаланнинг интерьвюсида Тошкент шаҳар ҳокимига нисбатан айтган гаплари ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган деб ҳисоблаймиз».

«Мурали Лал Жаланнинг гапларини асосли ёки асоссизлигини текшириш учун ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилинади» , – дейилади хабарда.

Пойтахт маъмурияти ОАВни Бош прокуратура ушбу ҳолатни қонуний асосда ўрганиб чиқилгунга қадар асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.