Инклюзив бизнес-форум якунлари бўйича таҳлилий маълумотнома ҳукуматга юборилди

Источник: Sharoit Plus

Жорий йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Панарамс” меҳмонхонасида гибрид форматдаги иккинчи “Инклюзив бизнес-форум” бўлиб ўтди. Анжуман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг “ШАРОИТ ПЛЮС” ногиронлар жамоат бирлашмаси ташаббуси билан ташкил этилган “Ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида www.ishplus.uz ихтисослаштирилган рекрутинг веб-портали орқали муносиб иш билан таъминлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Форумда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш муаммолари билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинди, давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, шунингдек, уларнинг юридик ва кадрлар (HR) бўйича мутахассислари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг қарор ва таклифлари билан баҳамлашилди.

Форум мамлакатимизда инклюзив бандликни таъминлашнинг муваффақиятли мисолларини тақдим этиш орқали иш берувчиларнинг ногиронлиги бўлган иш қидирувчиларга муносабатини ўзгартириш, хусусий сектор вакилларини инклюзив иш берувчилар учун давлат томонидан ажратилаётган субсидия ва имтиёзлар тўғрисида билимини ошириш, шунингдек маҳаллий медиа платформалар орқали инклюзив бандлик ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди. Муҳокамалар натижасида ишлаб чиқилган таҳлилий эслатма Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этилади.

Иккинчи “Инклюзив бизнес-форум”нинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умурзоқов сўзга чиқди. Yandex Go ижтимоий лойиҳалари раҳбари Светлана Воронина “ШАРОИТ ПЛЮС” билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахслар учун иловани мослаштириш ҳақида гапирди. Жорий ойда хизмат мавжуд бўлган Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида тест режимида бундай фойдаланувчилар учун имкониятлар мавжуд экран пайдо бўлди. Yandex Go  ҳам асосий ҳомийлардан бирига айланиб, тадбирни қўллаб-қувватлади.

Форум очилишидан сўнг “Ишлаб чиқариш соҳасида ногиронларни ишга жойлаштириш бўйича амалий тажриба” мавзусида 1-сессия муҳокамаси бўлиб ўтди. Мазкур сессия доирасида замонавий меҳнат бозорида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж катталиги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг муайян соҳаларда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, иш жойида алоҳида шарт-шароитлар яратиш ва бу орқали ногиронлар учун даромад олиш учун кенг имкониятлар яратишнинг ҳаётий аҳамияти ҳақида сўз юритилди. “Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун қандай субсидия ва имтиёзлар мавжуд?”, “Уларнинг иш билан таъминланиши учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?” – давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва бошқа тегишли идоралар вакиллари шу каби масалаларни муҳокама қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Форумнинг иккинчи сессияси “Ногиронлиги бўлган шахсларни хизмат кўрсатиш соҳасида ишга жойлаштиришнинг амалий тажрибаси” мавзусига бағишланди. Мазкур сессия доирасида инклюзив бандликни таъминлашнинг муваффақиятли ҳолатлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашнинг муаммоли масалалари муҳокама қилинди, турли шаклдаги ногиронларни иш билан таъминлашдан манфаатдор бўлган йирик, ўрта ва кичик бизнес вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди.

Форумнинг 3-сессияси “Ногиронлиги бўлган шахсларни халқаро ташкилотларда ишга жойлаштиришнинг амалий тажрибаси” мавзусида бўлиб ўтди. Британия Кенгаши, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ушбу мавзу бўйича ўз фикрларини билдириб, ногиронларнинг халқаро ташкилотларда иш билан таъминланишидаги муҳим омилларга тўхталиб ўтдилар.

Форумнинг сўнгги сессияси “Инклюзив бизнес учун имкониятлар” мавзусига бағишланган бўлиб, маърузачилар ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминловчи иш берувчилар учун мавжуд имтиёз ва преференциялар ҳақида сўзлаб беришди: Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича иш берувчиларнинг мажбуриятлари қандай? Хусусий секторнинг мавжуд имтиёз ва преференциялардан хабардорлигини ошириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Шу каби саволларга жавоб берар экан, сўзга чиққанлар соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларига тўхталишди.

Форум якунида инклюзив иш берувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.