Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисидаги қонун маъқулланди
Бугун сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Таъкидланганидек, узоқ йиллар давомида трансплантация йўналиши бўйича қонунчилик асослари яратилмагани трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтаб қолган ва касалликларга чалинган кўп сонли беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти йўқотилишига олиб келди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар беради.
«Ушбу вазият баъзи беморларни бу турдаги амалиётларни қимматлигига қарамай, чет эл тиббиёт муассасаларида ўтказишга мажбурламоқда. Улар чет элларда даволанишда турли машаққатлар, катта миқдордаги молиявий харажатлар, хорижга сафари давомида чет тилларида сўзлашиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда».
Қонун трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо ва тўқималарини олиш шартларини белгилаб беради. Уни ишлаб чиқишда Германия, Польша, Россия, Беларусь, Украина, Молдова ва АҚШ каби давлатларнинг трансплантацияга тааллуқли қонунчилиги ўрганилди.
«Қонуннинг қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдиришга имкон яратади. Бундан ташқари, Қонун, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларни қисқартиришга хизмат қилади», – дея қайд этади Сенатдагилар.
Шарҳлар