Instagram’да хонанда Канизани ҳақоратлаган эркак 6,8 миллион сўм жаримага тортилди
Бухорода Instagram ижтимоий тармоғида хонанда Канизанинг сурати остига ҳақоратомуз изоҳ қолдирган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда PvBux хабар бермоқда.
Судда сўзга чиққан хонанда ҳар бир инсон бошқаларни ҳурмат қилиши ва асоссиз ҳақоратларга йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлади.
“Агар судда бу одамнинг ўрнида аёл бўлганида, мен уни тушунган бўлардим. Лекин ўзини мусулмонман деб атаган ўзбек йигити аёлни сабабсиз ҳақорат қилиб, судга тушади – бу мусулмоннинг хатти-ҳаракатими”, — деди хонанда судда сўз юритар экан.
Маълум бўлишича, салбий изоҳ хонанданинг ташқи кўринишига тегишли эди. “Биз демократик давлатда яшаяпмиз. Агар қонунчилигимизда замонавий услубда кийиниш ва рақсга тушиш тақиқланганида эди, мамлакатимизда умуман санъаткорлар бўлмас эди”, — деди у.
Суд иш материалларини ўрганиб чиқиб, айбланувчини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида назарда тутилган (ҳақорат) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топди ва 20 БРВ (6,8 миллион сўм) миқдорида жарима белгилади.
Шарҳлар