Қирғизистоннинг собиқ президенти мамлакат ҳукуматини Кампиробод сув омбори бўйича қарорни кейинга қолдиришга чақирди

Источник: Kloop

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев Кампиробод сув омбори муаммоси ҳақида гапириб, ҳукуматни сиёсий ва фуқаролик рақибларини жиноий таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. Атамбаевнинг изоҳи Инстаграмдаги саҳифасида эълон қилинди, деб ёзади Kloop.

Атамбаевнинг фикрича, бугунги кун учун энг мақбул вариант Кампиробод сув омбори бўйича қарор қабул қилиш санасини кечиктириш ва одамларга ҳамма нарсани ҳужжатлар асосида муҳокама қилиш ва баҳолаш имкониятини секинлик билан бериш бўлади.

“Президент Мирзиёев бу кечиктиришни тушунади. У доно инсон, халқимизнинг дўсти. Ахир гап мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик ҳақида, Қирғизистоннинг миллий манфаатлари ҳақида кетяпти-ку! Энг оғриқли ва энг ўткир масалалар: ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб қолган, улар учун қон тўкилган, жонини берган ер ва сув ҳақида боряпти. Биз ёш авлоднинг кўзига қандай қарашимиз, ўзимизга мерос сифатида нималар қолдиришимиз ҳақида гапиряпмиз”, — деб ёзган Атамбаев.

Атамбаев президент Садир Жапаровнинг Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги қолган участкаларни тезда делимитация қилиш истагини тушунишини таъкидлади, аммо Атамбаевнинг сўзларига кўра, “чегара масалалари жиддий стратегик ёндашувни, ҳаракатларда изчилликни, сўзда мувозанат ва пухта тайёргарликни талаб қилади”.

“Бу талабларга эътибор бермаслик ва Тожикистон билан муносабатлардаги шошқалоқлик қандай фожиага олиб келганини кўриб турибмиз. Яна бир муҳим қоида: чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ҳамиша оғриқли жараён бўлиб, халқнинг мутлақ кўпчилиги ҳокимият органларига, ўз президенти ва ҳукуматига ишонадиган вазиятдагина уларни ҳал этишга чек қўйиш мумкин. Бугунги кунда бу кузатилмаяпти ”, – деди собиқ президент.

Атамбаевнинг эслатишича, унинг ҳукмронлиги даврида расмийлар Ўзбекистон билан 1378 километрдан 1170 километр ёки баҳсли участкаларнинг 85 фоизини келишиб олган, бироқ Атамбаевнинг сўзларига кўра, “буларнинг барчаси очиқ, экспертлар ва маҳаллий аҳолини жалб қилган ҳолда амалга оширилган”.

“Ҳозир эса ҳатто ЖК [Жокоргу Кенеш – Қирғизистон парламенти – таҳр.] профилли қўмитасининг раиси ҳам шартномани имзолашдан бош тортди. Бу нимадир нотўғри эканини англатади, шунинг учун биринчи навбатда сиз одамларнинг ишончини тиклашингиз керак. Сиёсий ва фуқаролик рақибларини жиноий таъқиб қилишни тўхтатиш лозим. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг, айниқса аёлларнинг оммавий ҳибсга олиниши – бу мантиққа мутлақо зид! Бундай ишлар бошқа далиллар бўлмаганида ва ҳақиқатдан қўрқишганда қилинади. Биз ҳибсга олинганларни зудлик билан қўйиб юборишимиз ва улардан узр сўрашимиз керак. Маҳаллий аҳолига, мухолифотга, фаоллар ва журналистларга шошқалоқ қадамлардан ҳимоя қилишни истаганлари учун раҳмат дейишимиз керак”, – деб ёзади собиқ президент.

Кампиробод Ўзбекистонга берилиши танқид қилинганидан кейин бошланган ҳибсга олишлар

Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган сиёсатчилар ва фаолларни тинтув ва ҳибсга олиш  23 октябрь куни бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар “оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўрганлик”да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.

Омбудсман институти раҳбари Атир Абдраҳматованинг айтишича, тинтувлар давомида милиция бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйган: масалан, ҳибсга олинганларга таҳдид қилишган, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олган ва уларни чақирув қоғозисиз сўроққа таклиф қилган.

Кейинроқ суд 22 нафар ҳибсга олинган кишини Бишкекдаги 1-“СИЗО”га жойлаштирган.

Суд фаол Талант Эшалиевни соғлиғи юзасидан уй қамоғига озод қилган. Маълум қилинишича, у судга инфаркт олди ҳолатида олиб келинган, сўнгра мазаси қочгани сабабли яна шифохонага олиб кетилган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмасликларини билдирган ва босим ҳақида гапиришган.

Йигирмадан ортиқ фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши аллақачон қатор депутатлар томонидан қораланган, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси ҳам Қирғизистон ҳукуматини барча маҳбуслар устидан адолатли суд жараёнини таъминлашга чақирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.