Иш берувчиларга пенсия ёшига етган ходимларни ишдан бўшатиш тақиқланди
Президент “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги учун меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.
Ҳужжатга мувофиқ, “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини қарор топтиришдаги ташаббускор нуронийлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади.
2022 йил 1 апрелдан:
– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
– шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга рецептга асосан 3 ойлик эҳтиёж асосида дорилар, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
– оғир ташхисли касал ҳамда ногирон кексаларга шифокорлар рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача суммаси компенсация қилинади;
– кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади;
– давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
2022 йил 1 сентябргача кексаларга оид маълумот ва янгиликлар уларнинг мобиль телефон рақамларига SMS орқали маълум қилиб борилади.
Мамлакатда фаол қариш индекси жорий этилмоқда.
Шарҳлар