Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 80 та туманни доривор ўсимликлар етиштиришга ихтсослаштириш топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига 80 та туманни доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштириб, плантациялар ташкил этиш топширилди.
Бу тажрибани кенгайтиришда кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади.
Доривор ўсимликларни қайта ишлайдиган корхоналар 2025 йил 1 январга қадар ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хомашё импортида божхона божидан озод қилинади. Уларга тайёр маҳсулотлар экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади, ҳар 10 гектар плантацияларга сув чиқариш учун 600 минг сўмдан субсидия ажратилади, доривор ўсимликлар плантацияларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Давлат раҳбари доривор ўсимликлар кластерлари ташкил этиш, ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида фармацевтика бўйича факультетлар очиш таклифларини қўллаб-қувватлади.
Шарҳлар