Истанбулда самарқандлик шахс одам савдосида гумонланиб қўлга олинди
Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон ва Туркия ИИВ ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида фирибгарлик ва одам савдоси жиноятини содир этишда айбланаётган, 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Рахимов Озод Садуллоевич Истанбул шаҳрининг Фатих туманида қўлга олинди. Бу ҳақда Истанбулдаги Бош консулхона хабар берди.
«О.Рахимов Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини Фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022-2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10-15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда», – дейилади хабарда.
Ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ватандошларимиздан Бош консулхонага ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига хабар бериш сўралади.
Жиноий жавобгарликдан қочиб, хорижий давлатларда, шу жумладан Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади.
Шу билан бирга, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларга бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан Бош консулхонамизга келаётган мурожаатлар сони ортганлигини инобатга олиб, фуқаролардан фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлишлари сўралган.
Шарҳлар