Истанбулда тутқинликда сақланган аёл Ўзбекистонга қайтарилмоқда

Истанбул Бош консулхонага Ташқи ишлар вазирлиги орқали Қарши шаҳридан 21 ёшли фуқаро ўз онасининг Истанбулга 4 йил олдин кетгани, 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, онасини топиш ва ватанга қайтаришда ёрдам сўраган мурожаати келиб тушди.

Олиб борилган текширишлар натижасида, 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эканлиги, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилганлиги аниқланди.

Жорий йилнинг 27 август куни Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, “Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилди.

Натижада, аёлнинг ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилди.

Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлаганлиги учун M.Г.гa нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда X.Д.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.