Сурхондарёда 1 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари йўқ қилинди
Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан “Дарбанд” ЙПХ масканида ўтказилган рейд тадбирлари давомида, жорий йилнинг 7 май куни соат 07:10 ларда Денов-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро М.Ш. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина ҳам тўхтатилиб юкхонаси текширилганида бирор бир тегишли ветеринария ҳужжатларисиз 140 (бир юз қирқ) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги аниқланган.
Шунингдек, 7 май кунидан 8 май кунига ўтар кечаси соат 02:30 ларда шу йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро А.А. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина тўхтатилиб юкхонаси текширилганда ҳеч қандай ветеринария хужжатларисиз 475 (тўрт юз етмиш беш) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги аниқланган.
Айнан шу масканда рейд тадбири давом эттирилиб, соат 02:50 ларда Шўрчи-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Шўрчи туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро Н.Ж. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина юкхонаси текширилганда тегишли ветеринария хужжатларисиз 400 (тўрт юз ) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги маълум бўлган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқли ёки яроқсиз эканлигини текшириш мақсадида, вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораториясига тақдим этилганида, истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланиб гўшт эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан маъмурий байённома расмийлаштирилиб, гўшт маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Таъкидланишича, инсон соғлиги учун хавф туғдириши мумкин бўлган гўшт маҳсулотларининг бир суткалик рейд тадбири давомида аниқланган ҳолати 1.015 (бир тонна ўн беш) килограмни ташкил этиб тегишли тартибда йўқ қилинган. Бу борадаги рейд тадбирлар давом эттирилмоқда.
Шарҳлар