Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Марказий банк раиси тақдим этган маълумотларни эскирган ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди

Фото: Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки биносида 2023 йил 26 январь куни Марказий банки бошқаруви раиси М.Б.Нурмуратов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтганди. Шундан сўнг, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Марказий банк Бошқаруви раиси томонидан тақдим этилган қатор маълумотларнинг эскирганлигини ҳамда ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Унда Марказий банк раҳбари М.Нурмуратов шундай деди:

«Касательно крипто-активов, я должен сказать, что Центральный банк, как и во всём мире, подходит к вопросу крипто-активов консервативно. Мы не считаем криптовалюту имеющим стоимость активом, и наше отношение к ней негативное.

И то, что у нас определено существование крипто-биржи и его регламент не позволяют нашим резидентам на прямую участвовать в купле/продаже крипто-активов.».

Марказий банк Бошқаруви раиси баёнотидан иқтибослар қатор интернет ахборот ресурсларида (Spot.uz, Uz.kursiv.media) эълон қилинди. Матбуот анжумани шунингдек, Uzreport TV телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилди. Матбуот анжумани видеоси Uzreport TV телеканалининг YouTube тармоғидаги саҳифасида қуйидаги ҳаволада жойлаштирилган: https://www.youtube.com/watch?v=sIAVXHDKAqc.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда –  Агентлик) М. Нурмуратов томонидан тақдим этилган маълумотларнинг эскирганлигини ҳамда ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон қарорига мувофиқ, Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Яъни, Марказий банк крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланмайди, шу сабабли унинг вакиллари Марказий банк томонидан тартибга солинмаган соҳага оид баёнотлар беришга ҳақли эмас.

Бундан ташқари, Марказий банк раҳбари ўз нутқида маҳаллий аҳолининг крипто-активларни сотиб олишда бевосита иштирок эта олмаслиги ҳақида гапирганида эскирган ва ишончсиз маълумотларни келтирган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 2019 йил 6 декабрдаги 172-сон буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 20 декабрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3127-3-сон) билан крипто-биржаларни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидалари тасдиқланди. Мазкур қоидаларда Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржаларда фақат крипто-активлар ва токенларни сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.

Бундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 2021 йил 11 ноябрдаги 34-сон буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 22 ноябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3127-6-сон) билан Крипто-биржаларда савдони амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиб, унда Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-биржаларда крипто-активлар ва миллий валютадаги токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини амалга ошириш ҳуқуқи, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активлар ва чет эл валютасига токенларни сотиш бўйича операциялар ҳуқуқи тақдим этилди.

Кейинчалик юқоридаги қоидалар ўз кучини йўқотган деб топилди ва унинг ўрнига Крипто-биржада крипто-активлар савдосини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379-сон) қабул қилинди, мазкур қоидаларнинг 5-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржалар электрон платформаларда миллий валютада крипто-активлар савдосининг барча турларини, шу жумладан тўғридан-тўғри савдо қилиш майдончасида крипто-активларни сотиш ва сотиб олиш бўйича операцияларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлмаган шахслар билан фақат крипто-активларни чет эл валютасига сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Хабарда, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги юқоридагиларни инобатга олиб, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, давлат органлари вакилларига ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликни тавсия қилади. Агентлик крипто-активлар муомаласи соҳаси ўзига хос хусусиятларга эга эканлиги сабабли ҳамда нотўғри талқинларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасига доир маълумотлар юзасидан белгиланган тартибда бевосита Агентлик билан боғланишни сўраган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.