Ўғит ишлаб чиқариш ва уларни самарали қўллаш жамғармаси ишга тушмоқда

Источник: пресс-служба посольства США в Узбекистане

Бугун AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда ўғит ишлаб чиқариш ва сотув ҳажмини кўпайтириш мақсадида Ўғитларни ишлаб чиқариш ва улардан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ишга туширилганини эълон қилди. Ушбу жамғарма агробизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистоннинг бир қатор хусусий тармоқдаги ўғит ишлаб чиқарувчилари тўрт миллиард сўмгача бўлган янги ускуналар ҳарид қилишлари ва/ёки малакасини ошириш учун индивидуал тренингдан ўтиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.

«Дунё миқёсида ўғитлар нархи пандемия бошланганидан бери деярли икки баравар ошди, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат нархларининг кўтарилишига олиб келди. Агар фермерлар сифатли ўғитлардан фойдалана олишса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи пасайиб, ишлаб-чиқариш кўпаяди, бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасининг юксалишига хизмат қилади”, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. “USAID агробизнесларга ўғит ишлаб чиқариш ва уларнинг сифатини ошириш учун янги технологиялардан фойдаланишда ёрдам бериш ҳамда фермерларга ўғитдан самаралироқ фойдаланишни ўргатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган». 

Жорий йилнинг август ойида USAID Ўзбекистон фермерлари ва ўғит ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали озиқ-овқатнинг арзонлигини таъминлаш учун қиймати икки миллион АҚШ долларига тенг кўмак кўрсатишини эълон қилган эди. Бу маблағнинг қарийб ярми Ўғитларни ишлаб чиқариш ва улардан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали тақсимланади. Янги маблағ 2022 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган G7 саммитида АҚШ Президенти Байден томонидан эълон қилинган глобал озиқ-овқат инқирози таъсирини бартараф этиш учун АҚШ томонидан ажратилган жами 2,76 миллиард долларлик маблағнинг бир қисмидир.

USAID Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари доирасида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги салоҳиятини ошириш орқали ўзини-ўзи таъминлаш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлайди.

USAID Ўзбекистондаги ўғит ишлаб чиқарувчиларга ўғитларни ишлаб чикариш, сотувни яхшилаш ҳамда кўпайтириш орқали уларнинг маҳаллий ва/ёки минтақавий бозордаги улушини ошириш учун янги технологияларни жорий этишда техник кўмак беради ва инвестицияларни биргаликда молиялаштиради. Шунингдек, USAID 5000 нафар фермер ва экстеншн агент учун ўғитлардан фойдаланишда илғор тажрибалар бўйича тренинглар ташкил этади.

Лойиҳа доирасида ўғитларни ишлаб чиқариш ва сотишни яхшилаш ва/ёки кўпайтириш учун тўрт миллиард сўмгача маблағ ажратишни талаб қилувчи аризалар кўриб чиқилади. Гранулали, сувда эрувчан ва/ёки суюқ NPK ўғитларини ишлаб чиқаришни яхшилаш ва/ёки кўпайтиришга қаратилган аризаларга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, органик ўғит ишлаб чикариш концепцияси ҳам қўллаб-қувватланади. Аризалар 2022 йилнинг 1 декабригача қабул қилинади. Эълон ва аризалар намунасини бу ердан юклаб олиш мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.