Йўловчиларни лицензиясиз ташиганлик учун жаримани уч бараварга камайтириш режалаштирилмоқда

Источник: parliament.gov.uz

Депутатлар айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдорини сезиларли даражада камайтиришни таклиф қилди. Хусусан, сўз йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар беради.

Шунингдек, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқароларга икки бараварга, мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга камайтирилмоқда.

Фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача бўлган миқдор оралиғида белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори деярли икки бараварга, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмоқда.

Фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни турар-жой биноларида яшашга рухсат берганлик учун жарима миқдорини 735 минг сўм, йил давомида такрорий содир этилган тақдирда 1,225 млн сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.