Яқин беш йил ичида ичимлик суви таъминоти соҳасига 40 трлн сўм маблағ инвестиция қилиш режалаштирилмоқда

Источник: Steve Johnson

Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам. Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Шеробод, Ангор, Ғаллаорол ва Хатирчи туманларида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди.

Шу боис, келгуси беш йилда бу соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилган. Жорий йилда бу мақсадлар учун бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади, 245 миллион доллар жалб этилади.

1 минг 545 та маҳаллада марказлашган сув тармоғи йўқ. Мутасаддиларга улардаги имкониятларни ўрганиб, уч хил йўналишда ишни ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Аввало, инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортилади. Иккинчидан, ерости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазилиб, сув иншооти қурилади. Учинчи йўналишга кўра, қудуқ қазиш ва қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда катта сиғимли ҳовуз барпо этилиб, сув ташиб келтирилади.

Сув иншоотлари қуриш, махсус транспорт ва ускуналар харид қилиш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади. Импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз бўлади. Маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ичимлик суви таъминоти кўрсаткичи республика бўйича энг паст – 43 фоиз бўлган Қашқадарё вилояти бўйича алоҳида дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди.

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг инжиниринг компаниялари вилоят ҳокимликлари тасарруфига ўтказиладиган бўлди. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудратчиларни аниқлаш ва молиялаштиришни очиш ҳам вилоятнинг ўзида бўлади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти лойиҳаларга техник талабларни белгилайди, экспертизадан ўтказади ҳамда эксплуатациясига масъул бўлади.

Бундан буён сув қудуқларини аниқлаш ва бурғилаш ишлари фақат Давлат геология қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Мутасадди идораларга қудуқларни хатловдан ўтказиш, дарё бўйларини қаттиқ тартибга олиш бўйича кўрсатма берилди.

Сув таъминоти соҳасида пуллик хизмат турларини белгилаш ваколати ва улар бўйича тушумлар тўлиқ туман сув таъминоти ташкилотларига ўтказилади. Ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, авария ҳолатларини бартараф этиш ҳамда махсус техника хариди учун туман ва шаҳар бюджетларидан маҳаллий “Сувтаъминот” корхонасига маблағ ажратиш тизими жорий этилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.