Ягона мактаб формаси 2025 йилгача босқичма-босқич жорий этилади

Бахтиер Саидов. Источник: Facebook

2022 йил сентябрь ойидан янги ўқув йилида ота-оналар учун ягона формани харид қилишга мажбурий талаб қўйилмайди. Ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди, деб ёзади UzNews нашри.

«2022 йил сентябрдан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди», – деди вазир.

Шунингдек Бахтиёр Саидовнинг қайд этишича, мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.

Мактаб формаси савдоси август ойидан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳар марказларидаги аҳолига қулай жойлар ҳамда мактаб ярмаркаларида ташкил этилади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилади.

“Биз ота-оналар ва ўқувчиларнинг мактаб формаси дизайни ва сифати бўйича ҳар қандай таклифларини кўриб чиқишга, шунингдек либослар дизайнини биргаликда такомиллаштиришга тайёрмиз”, — деди вазир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.