Янги йилни “Пиротехника”сиз қарши олайлик ёхуд қанча паққилдоқлар йўқ қилинди

Фото: Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасида пиротехника воситаларидан маиший мақсадларда фойдаланиш жисмоний шахслар учун ҳам, юридик шахаслар учун ҳам таъқиқланган. Шунга қарамай, пиротехника воситаларини республикамиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди.

Таҳлилларга кўра, Республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 138 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида жами қиймати 5 млрд 683 млн сўмлик 8 млн 533 минг 500 донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига ўз вақтида чек қўйилди.

Мазкур кўрсаткич яъни олиб қўйилган пиротехника буюмларининг миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 фоизга ошган.

Жумладан, Фарғонада 2 млн 137 минг дона, Тошкент шаҳрида 1 млн 514 минг дона, Қашқадарёда 920 минг дона, Сирдарёда 825,9 минг дона, Сурхондарёда 791,3 минг дона,  Андижонда 519 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмаси олди олинган

2022 йил 16 декабрь ҳолатига кўра, аниқланган божхона қонунбузилишларининг 24 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек ҳозирги кунда божхона органлари суриштирувчилари томонидан 30 та ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Anhor.uz юборган сўровга кўра, Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хусан Тангриев қуйидагиларни маълум қилди: «Тан олиш керак, ҳақиқатдан ҳам пиротехника воситаларини республикамиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб киришга уриншлар сезиларли даражада кўзга ташланмоқда. Ва биз буни бекитмокчи ҳам эмасмиз. Тўғри, ўтган йилга нисбатан солиштирилганда, бу йил пиротхеника воситаларини ноқонуний олиб ўтишга уринишлар 48 тага камайган. Лекин, бу ҳолатларда ушлаб қолинган пиротхника воситалари миқдори 55 фоизга ошган. Демак, муаммо бор! Хотиржамликка берилишга умуман ҳаққимиз йўқ! Аниққланган ҳолатларда энг кўп пиротехника воситалари Фарғона вилоятида 1 млн 823 минг дона аниқланган.

Мана шу рақамлардан кўриниб турибди-ки, бу турдаги воситалар асосан Фарғона водийсидаги чегараларимиз мураккаб жойлашган ҳудудларда, божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали олиб киришга уринишлар кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Тўғри, янги йил арафасида оиласи бағрига қайтаётган айрим юртдошларимиз 2-3 дона олиб киришга уриниш ҳолатлари бўлади. Сўрасангиз, фарзандларимни хурсанд қилиш учун олгандим дейишади, баъзида ҳуқуқий савод етарли бўлмагани учун шунақа ҳолатлар рўй беради. Лекин, бу жуда ҳам кам миқдорда.

Фото: www.anhor.uz / Бобур Каримов

Баъзида тезкор тадбирларда қонунбузилиши ҳолатларини илдизи билан бартараф этиш мақсадида, шу кузатувга олинаётган пиоротехника воситалари қайси манзилгача боради деб керак бўлса пойтахтгача кузатиб келиниб, қўлга олинган ҳолатлар бўлади. Мана шу вазиятларда пиротехника воситалари ортилган юк машиналари ҳайдовчилари мен машинамга бунақа товар ортилганини билмасдим деган важларни келтиришади. Лекин, бу уларни жавобгарликдан озод  этмайди», дейди Хусан Тангриев.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 724-сон қарори билан хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратилиши, ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, ташилиши, реализация қилиниши, сотиб олиниши, сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланди.

Халқимизда, «Қарс икки қўлдан чиқади» деган нақл бор. Бозорнинг эса талабга яраша таклиф деган қонуни ҳам бор. Юқорида, 1 млрд. сўмлик ҳолат ҳақида айтиб ўтилди. Бу биттагина ҳолат. Мавсум пайти мўмай даромад ортириб олай деб, 1 млрд. пулни шу ишга тикяптими, демак ўша қўштирноқ ичидаги тадбиркорда ўзига ишонч бор – одамлар буни албатта сотиб олади деган ишонч.

«Ҳамма гап шунда-да. Мен битта рақамни келтирдим – божхоначилар бу йил ушлаб қолган пиротехника воситаларини умумий суммаси салкам 5.9 млрд. сўмни ташкил қиляпти. Бу тахминан 5,2 млн. АҚШ доллари дегани. Демак, шунча миқдордаги валюта ҳавога соврулди дегани. Лекин, шу маблағни тадбиркорликни қонуний, хайрли йўлларига тикиш мумкин эди-ку деган савол туғилади.

Фото: Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Саволга келсак, энг аввало, бу бордаги ислоҳотни ҳаммамиз ўзимиздан бошлашимиз керак. Янги йилни пиротехникасиз тасаввур қилишга ўзимизни ўргатишимиз керак. Айрим пиротехника воситалари, салютлар уларни ўша отилиши давомийлиги узоқлигига қараб, нархи ошиб боради. 1-2 млн., ҳаттоки 500 долларгача баҳоланадиган салютлар бор. Бу салютлар нари борса 10 минут отилади. Аниқ биламан, эртасигаёқ мана шу салютни завқи одамларни эсидан чиқиб кетади. Лекин, шу маблағга яқинларингизга совга-салом олинса ёки ён атрофимиздаги эътиборга муҳтож қўни қўшниларни йўқлаб борсангиз, буни завқи унутилмайди.

Гапни очиғи, икки томонлама, икки юзлама стандартдан воз кечишимиз керак. Ижтимоий тармоқларда божхона қаерга қараяпти деб эътироз билдириб, лекин реал ҳаёт енг ичида қандай қилиб бўлмасин салют излаб топишга ҳаракат қилаётганлар йўқ дейсизми? Бор. Ҳаттоки, мени ўзимга мурожаат қилишади», – дейди Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хусан Тангриев.

Техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ мушакбозлик ташкил этилиши кўрсатилган оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномаси асосида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишига ва улардан фойдаланилишига рухсат берилади, саноат мақсадида фойдаланиладиган пиротехника буюмлари бундан мустасно эканлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Шунча ҳаракат ва ҳаражат қилинмасин, ҳали хануз мамлакатимиз ҳудудига пиротехника воситаларини олиб киришга бўлган уринишлар учрамоқда. Бироқ, айрим шахслар томонидан жойларда очиқчасига савдо ҳам қилинаётганлиги, паққилдоқлар товушларидан ҳам сезилади.

Ўзбекистон Респубдикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига биноан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш — ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар бу анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Респубдикаси Жиноят кодексининг 2501-моддасига биноан — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳам белгиланган.

Бобур Каримов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.