“Янги Ўзбекистон” боғида юртимиз мустақиллигининг 31 йиллиги тантана қилинмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Тантанали маросим аввалида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади ва Ўзбекистон халқига байрам табригини ўқиб эшиттирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади”, деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси жадал амалга ошираётганини таъкидлади.

Янги Ўзбекистон:

– ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган;

– одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган;

– ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган;

тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди.

Биринчитаълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш изчил давом эттирилади. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади.

Иккинчи – ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади.

Учинчибизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратилади, камбағаллик қисқаради, аҳоли даромадлари кўпаяди. Бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади. Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.

Тўртинчи – соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирилади. Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамрови оширилиб, одамларга янада яқинлаштирилади.

Бешинчи – аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққат марказида бўлади. Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда доимо фидоийлик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимизга чин дилдан таъзим қиламан.

Сиз, азиз юртдошларимни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман. Эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин! Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин! Юртимиз тинч, халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!”, деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

Шундан сўнг, Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган концерт дастури бошланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.