Янги Ўзбекистон кўчасида ерости ва ерусти ўтиш жойлари қурилади

Источник: «Узбекистан 24»

Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб 610 гектар майдонда уй-жойлар, меҳмонхоналар, кинотеатр, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар қуриш режалаштирилган.

Давлат раҳбари мазкур лойиҳанинг макетини кўздан кечирди. Лойиҳага асосан бинолар тўрт қаватли, тўрт хил дизайнда бўлади. Биринчи қаватда савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари фаолият юритади. Юқори қаватларда хонадонлар ёки меҳмонхоналар бўлади. Кўча бўйида пиёда ва велосипед йўлаклари, ерости ва ерусти йўллари барпо этилади.

Президент лойиҳани маъқуллаб, уйларни энергия тежамкор қилиб қуриш, иссиқ ва совуқда мўътадил бўлишини таъминлаш бўйича тавсиялар берди.

«Энг муҳими – халқимизга муносиб яшаш шароити ва иш ўринлари яратиш», – деди давлат раҳбари.

Ҳисоб-китобларга кўра, биноларда 1 миллион 700 минг квадрат метр савдо ва хизмат кўрсатиш майдони бўлади. Бунинг негизида 14 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.

«Транспорт артерияси бўйлаб электробуслар юради, бинолар яқинида эса боғ зоналари барпо этилади», – дейилади «Ўзбекистон 24» телеканалининг репортажида.

Қайд этиб ўтамиз, ерости ва ерусти ўтиш жойлари ногиронлиги бор кишилар, кексалар ва болалар аравачаси билан юрадиган ота-оналарнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштирилиши лозим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.