Экспортчи корхоналарга савдо амалиётлари бўйича кредитлар учун 5 млн долларгача маблағ тақдим этилади

Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган фармонга кўра 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми 20 миллион АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион АҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилади.

Шунингдек охирги ўн икки ой давомида 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти тақдим этилади.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўлланилиши, шунингдек, ушбу Фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2021 йил 31 декабрга қадар тўхтатилади

2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш ва ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.