Электр энергияси таъминотидаги носозликлар сабабини аниқлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди

Источник: Yash Patel/unsplash.com

Ўзбекистон президентининг топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссия тузилди. Ҳукумат комиссияси соҳа вакилларига содир бўлган носозликлар такрорланмаслиги, сабабларини аниқлаш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади, дея хабар беради Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.

Бугун, соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида мамлакатимиз ҳудудларида электр энергияси таъминотида ўчишлар юзага келди.

«Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетиб, иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларининг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган», – дейилади хабарда.

Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилган.

Ҳозирги вақтда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган. Айни пайтда республика ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.