Электр токининг узилиши Сирдарё ИЭСдаги қисқа туташув туфайли содир бўлди – KEGOC
Қозоғистоннинг электр тармоқларини бошқарувчи KEGOC компанияси 25 январь куни содир бўлган электр токининг узилиши бўйича изоҳ берди.
“Ўзбекистонда қисқа туташув туфайли Сирдарё ИЭСда 6 та энергоблок ўчирилди, ток ишлаб чиқаришнинг умумий йўқотилиши 1500 МВт дан ошди. Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати тақчиллиги Қозоғистон энергетика тизимидан Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари билан параллел ишлашга уланган электр энергиясини рухсатсиз олиб қўйишга олиб келди. Натижада 500 кВ кучланишли “ Шимол-Шарқ-Жанубий Қозоғистон” транзити учун қувватнинг “чиқиб кетиши” ва унинг ортиқча юкланиши кузатилган”, – дейилади хабарда.
Энергетика ускуналарига зарар етказилишининг олдини олиш ва республиканинг жанубий вилоятларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида автоматика томонидан Алма-ата, Жамбил, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларини алоҳида ишлашга ўтказиш билан транзитнинг ажратилиши юз берди.
“KEGOC” АЖ авария автоматикаларининг тўғри ва ўз вақтида ишга туширилиши туфайли республиканинг жанубий вилоятларидаги барча электр станциялари ўз фаолиятини сақлаб қолди, улар умумий қуввати қарийб 1500 МВт бўлган истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашда давом этди. Шу тариқа Қозоғистоннинг жанубий зонасидаги истеъмолчилар тўлиқ ўчирилишининг олди олинди. 500 кВ кучланишли “ Шимол-Шарқ-Жанубий Қозоғистон” транзити орқали электр энергиясини узатишнинг йўқлиги сабабли мажбурий чекловлар тахминан 1800 МВт ни ташкил этди”.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг энергетика тизимлари тўлиқ ишдан чиққан, барча электр станциялари ва истеъмолчилар тармоқдан ўчирилган. Ўзбекистон энергетика тизимида ўчирилган юкланиш тахминан 9600 МВт (истеъмолнинг 100%), Қирғизистонда 2600 МВт (истеъмолнинг 100%)ни ташкил этган. Компаниянинг қайд этишича, тиклаш доирасида Қозоғистон ягона энергетика тизими Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларига ушбу мамлакатлар электр станцияларини кучланиш билан таъминлаш орқали ёрдам кўрсатган ва бу уларга тиклаш ишларини бошлаш имконини берган.
Компаниянинг таъкидлашича, содир бўлган фавқулодда ҳодиса рақамли майнинг билан шуғулланадиган истеъмолчилар фаолияти билан боғлиқ эмас.
Шарҳлар