Электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари натижасида 351.9 млн сўм зарар еткан
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “Q.C.” МЧЖ раҳбари М.О. ва бошқалар “Н.” МФЙдаги кўп қаватли уйга ўрнатилган сув насослари ва бошқа жиҳозларни ҳеч қандай ҳужжатсиз тармоққа улаб, 454,3 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар қилмоқда.
«Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, Беруний кўчасидаги хонадонда яшовчи Н.Ю. уйи ертўласида 4 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмаларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 63,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган», – дейилади хабарда.
Шу каби, Департаментнинг Оқдарё, Пастдарғом ва Ургут туман бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, Оқдарё туманидаги “A.S.” МЧЖга қарашли ошхонада корхона иш юритувчиси газ плита ва иситиш қозонини газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаганлиги, Пастдарғом туманидаги қурилиш ишларини олиб бораётган “Q.S.” МЧЖ ҳамда Ургут туманидаги “U.K.” МЧЖ томонидан электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 351,9 млн сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар