Электрон онлайн-аукционларни ўтказиш тартиби соддалаштирилмоқда

24 июль куни Президент “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан “E-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади.

Бунда:

  • иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;
  • аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;
  • хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;
  • сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
  • аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади (тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга);
  • аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Мазкур тартиб электрон савдо платформаси орқали сотилиши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб аукцион натижалари бўйича пуд маблағлари Марказнинг махсус ҳисобрақамида тўпланади ва объект аукцион ғолиби томонидан қабул қилингани тасдиқланганидан сўнг буюртмачининг ҳисобрақамига ўтказилади.

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • ер участкаларини аукционга инвестиция киритиш шарти билан чиқариш тартиби;
  • объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим;

2022 йил 1 январдан автомототранспортларни “E-auksion”даги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби. Бунда, электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.