Энди Ўзбекистонда йўллар қурилишида асфальт ўрнига цементдан фойдаланилади

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

7 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ички йўлларни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ижроси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича Андижон вилоятида янги тажриба бошланган. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, 31 та чекка маҳалладаги 23 километр йўл цемент-бетон қопламага ўтказилган.

Асфальт ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинган, 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалган. Энг асосийси, ушбу кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.

Ушбу тажриба асосида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 2 минг 300 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этиш вазифаси қўйилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланади.

Йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, 1 майдан бошлаб йил якунига қадар, цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари импорти божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади.

Бундан ташқари, жорий йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этиш режалаштирилган. Уларни ҳам цемент-бетондан қуриш, лойиҳалашда дренаж тизимига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.