Энергетика вазирининг ўринбосари: Ўзбекистон атом электр станциясини (АЭС) қуриш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳали якуний қарорга келгани йўқ

Источник: president.uz

Ўзбекистон атом электр станциясини (АЭС) қуриш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳали якуний қарорга келгани йўқ. Бу Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг журналистлар саволларига берган жавобларидан маълум бўлди, деб ёзади “Фергана” нашри.

«Атом электр станциялари қурилишига келсак. Яна биз бу қанчалик иқтисодий мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги саволга қайтамиз. Бир томондан, лойиҳа қазиб олинадиган ёқилғига боғлиқликни камайтириши билан жуда қизиқ. Қуёш ва шамол энергиясидан фарқли ўлароқ, у барқарор ишлаб чиқариш [электр энергияси] учун анча юқори кафолатлар беради. Бошқа томондан, шуни таъкидлаш жоиз, соф иқтисодий жиҳатдан бу лойиҳа бошқа энергия турларидан анча паст».

Энергетика вазирлиги вакилининг айтишича, айни дамда Ўзбекистон Россиянинг «Росатом» корпорацияси билан атом электр станциясини қуриш нархини пасайтириш масаласини муҳокама қилмоқда.

«Яъни, оддий қилиб айтганда, ушбу АЭСда ишлаб чиқарилган энергия бизга қанчага тушади? Бошқа манбаларга нисбатан рақобатлаша оладими? Агар йўқ бўлса, унда хулоса аниқ. Ҳа бўлса, биз буни амалга оширишимиз керак», — дея тушунтиради Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда АЭС қуриш истагида бўлганлар кўп, бироқ ҳамкор танлашда нафақат станция қурилиши, балки унинг 50-60 йил ишлашини, шунингдек, уни фойдаланишдан чиқаришни ҳам ҳисобга олиш керак.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом электр станцияси қуриш бўйича ҳукуматлараро битим 2018 йил сентябрь ойида имзоланган эди. Лойиҳа иккита қувват блокини қуришни назарда тутади. Бўлажак электр станция макети мавжуд Нововоронеж АЭС-2 моделида яратилган.

2018 йил октябрь ойида икки давлат президентлари Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳани ишга туширган эди. Унинг қиймати 11 миллиард долларга баҳоланмоқда.Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2019-2029-йилларда мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган ва унга кўра атом электр станциясининг умумий қуввати 2,4 ГВт бўлиб, биринчи энергия блоки 2028 йили ишга туширилади. Лойиҳа Ўзбекистоннинг ўз маблағлари ва Россия Федерацияси давлат кредити ҳисобидан молиялаштирилади. Қурилишни бошлаш 2022 йилга, фойдаланишга топшириш 2030 йилга мўлжалланган.

Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли қирғоғи устувор ҳудуд сифатида танлаб олинди, унинг хавфсизлиги текширилди.

АЭС қурилиши режаси Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Лойиҳа тарафдорлари станция технологик тараққиёт ва иқтисодиётга фойда келтиришини таъкидласа, уларнинг мухолифлари атом электр станцияси қурилиши экологик ҳалокат ва йирик ўғирлик хавфини туғдиради, деб ҳисоблайдилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.