Энергетика вазирлиги истеъмолчиларга газ етказиб бериш ҳажмларини оширишни ваъда қилди

Жорий куз-қиш мавсумида табиий газ таъминоти бўйича юридик истеъмолчиларга 18 миллриард куб метр, аҳоли истеъмолчиларига эса 11 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу эса, ўтган мавсумга нисбатан 3 миллиард куб метрга кўпни ташкил қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Шунингдек, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 318 минг 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13 минг тоннага кўп. Йил охиригача  газ тармоқларини тартибга келтириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 283 мингта аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти яхшиланади.

“Бироқ, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми қанчалик оширилмасин, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг энергия самарадорлигига эътибор берилмаса, кўрилаётган чоралар самарсини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин”, – дейилади хабарда.

Шу ўринда жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича табиий газдан жами 2 минг 535 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганини қайд этиш жоиз. Бунинг натижасида 86 миллион 923 минг куб метр ёки 77 миллиард 877 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Таққослаш учун ушбу миқдордаги ҳажм ҳозирги кунда 40 мингта хонадоннинг қарийб 1 йиллик истеъмолини ташкил этади.

Аввалроқ Фарҳод Аминжонов, шайх Зайед номидаги Университет профессори (Абу-Даби), минтақавий энергетика соҳасининг эксперти ҳудудларда газ йўқлиги масалаларини қандай ҳал қилиш мумкинлиги, нега энергетика инқирозларининг олдини олиш уларга жавоб реакциясини кўрсатишдан кўра манфаатлиров экани, секторни диверсификациялаш қандай қилиб коллапсларга қарши туришда ёрдам бериши мумкинлиги ва бунда якуний истеъмолчи қандай роль ўйнаши ҳақида гапириб берганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.