Энтони Блинкен Ўзбекистонга ташриф буюради

Источник: Flickr

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 28 февралдан 3 мартгача Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистон мамлакатларида бўлади, дея хабар бермоқда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри ёзади.

У ташрифни Астана шаҳридан бошлаб, минтақадаги бешта давлат вакиллари билан «АҚШнинг Марказий Осиёдаги давлатлар мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш ва умумглобал муаммоларга ечим излашда минтақа билан ҳамкорлик учун» C5+1 (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) вазирлар учрашувида иштирок этади.

Таъкидланишича, C5+1 вазирлар йиғилишида АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, энергетика, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.

Шундан сўнг Энтони Блинкен Тошкентга келади ва бу ерда расмийлар билан «бир қатор минтақавий ва икки томонлама масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш» юзасидан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Бу унинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлади.

1 март куни у Нью-Деҳлига жўнаб кетади. Унда G20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, барқарор ривожланиш, гиёҳвандликка қарши кураш, глобал соғлиқни сақлаш, гуманитар ёрдам ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш соҳаларида кўп қирралиликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга эътибор қаратилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.